Ўзбекистон президенти болаларга нисбатан жинсий зўравонлик учун умрбод қамоқ жазосини назарда тутувчи қонунни имзолади

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 14 ёшга тўлмаган болаларга нисбатан жинсий зўравонлик учун жиноий жавобгарликни кучайтиришни назарда тутувчи қонунни имзолади. Бу ҳақда Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева маълум қилди.

Қонун билан Жиноят, Жиноят-процессуал, Жиноят-ижроия, Меҳнат кодексларига, шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

«Болага зулм қилган, унга жисмоний ёки руҳий азоб берган ҳар бир кимса — у хоҳ таълим муассасаси ходими бўлсин, хоҳ яқин қариндоши — жавобгарликка тортилади. Боланинг ўлимига сабаб бўлган жиноятлар учун берилган жазо асло енгиллаштирилмайди. Бундан буён 14 ёшга тўлмаган болага нисбатан жинсий зўравонлик содир этган шахсларга 25 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод қамоқ жазоси тайинланади. Бундай оғир жиноятлар бўйича жавобгарликка тортиш муддатида чеклов бўлмайди», — деб ёзади Мирзиёева.

Жиноятлар учун жазони кучайтиришдан ташқари, қонун билан ота-оналарнинг болаларга лозим даражада ғамхўрлик қилмаслиги, жинсий таъқиб, никоҳ ёши талабларини бузиш ҳамда болаларни уларнинг саломатлигига зарарли ахборотдан ҳимоя қилишни таъминламаслик учун маъмурий жазолар кучайтирилади.

Қонун болаларни ҳимоя қилишга қаратилган қўшимча процессуал механизмларни жорий этади. Жумладан:

▪️ зўравонликдан жабрланган ёки унга гувоҳ бўлган вояга етмаганларга процессуал ҳаракатларга биринчи марта жалб қилинган пайтдан бошлаб бепул юридик ёрдам кўрсатилади.

▪️ вояга етмаган жабрланувчини сўроқ қилиш жараёни мажбурий равишда видеога ёзиб олинади. Бу болани бир неча марта сўроқ қилиш натижасида қайта руҳий жароҳат олишининг олдини олишга қаратилган.

▪️ жабрланувчи бола ва айбланувчи ўртасидаги юзлаштиришни фақат суриштирувчи, терговчи ёки прокурорнинг қарори ёхуд суднинг ажрими асосида ўтказилади.

▪️ иш берувчиларга таълим ва тарбия муассасалари ходимлари болага нисбатан зўравонлик содир этган тақдирда, уларни ишдан бўшатиш ҳуқуқи берилади.

Ўзбекистон Сенатида қонун муҳокама қилинган вақтда маълум қилинишича, фақат 2025 йилнинг ўзида таълим муассасаларида болаларга нисбатан 122 та зўравонлик ҳолати аниқланган. Шундан 38 таси болалар боғчаларида, яна 84 таси мактабларда содир бўлган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ