АҚШ Кобулнинг сахий таклифига қарамай, толиблар билан фойдали қазилмалар бўйича келишувдан воз кечди

АҚШ Давлат департаменти биноси

АҚШ Давлат департаменти «Толибон» ҳаракатининг Афғонистондаги минерал ресурсларни ўзлаштиришга Америка инвестицияларини жалб қилиш бўйича таклифини рад этди. Давлат департаменти АҚШда расман террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ҳаракат билан ҳамкорлик қилиш ниятида эмаслигини билдирди. Бу ҳақда Давлат департаменти вакили Томми Пигот маълум қилди, деб хабар беради «Америка овози»нинг минтақавий хизмати ва унинг ортидан бошқа минтақавий ОАВлар ҳам ёзди.

«АҚШ Давлат департаменти Афғонистоннинг стратегик аҳамиятга эга муҳим минерал ресурсларини ўзлаштириш масалалари бўйича «Толибон» — алоҳида мақомдаги глобал террорчилик гуруҳи билан ҳамкорлик қилишни режалаштирмаяпти», — дейди Пигот. АҚШ толиблар назорати остида минерал ресурсларни қазиб олишга инвестиция киритиши мумкинлиги ҳақидаги тўғридан-тўғри саволга жавоб бераркан, у бундай қадам «толибларга пул бериб, уларнинг Афғонистон халқига нисбатан даҳшатли муносабати учун шароит яратиб беришини» қўшимча қилди.

Бу баёнот «Толибон» ҳаракатининг Ташқи ишлар вазири Амир Хон Муттақийнинг таклифига жавоб бўлди. У 31 август куни Financial Times нашрида чоп этилган интервьюсида Вашингтонни Афғонистоннинг тоғ-кон саноати, инфратузилмаси, қишлоқ хўжалиги ва савдо соҳаларига инвестиция киритишга чақирган эди. Муттақийнинг сўзларига кўра, Афғонистон Америка инвестицияларини «шубҳасиз» мамнуният билан қабул қилади. Шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги муносабатларга «икки ўн йиллик уруш призмаси орқали» баҳо бермасдан, аксинча, томонлар келажакдаги ҳамкорликка эътибор қаратиши кераклигини таъкидлаган. Гап АҚШ Геология хизмати маълумотларига кўра, тахминий қиймати қарийб 1 триллион долларга яқин бўлган конларга эҳтимолий кириш имконияти ҳақида бормоқда. Афғонистонда мис, литий, камёб ер металлари, кобальт ва темир рудасининг йирик захиралари мавжуд.

«Толибон» 2021 йилда ҳокимиятга қайтганидан буён қиймати 7 миллиард доллардан ортиқ бўлган тоғ-кон шартномаларини имзолади. Бироқ, асосий ҳамкорлар Хитой, Эрон, Қатар ва Туркия компаниялари бўлди — уларнинг орасида йирик Ғарб инвесторлари йўқ.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ