Қирғизистонда фаоллар, мухолифат вакиллари, мустақил ОАВлар ва амалдаги ҳокимиятни танқид қилган фуқароларни таъқиб қилиш давом этмоқда. Бундай хулоса Халқаро инсон ҳуқуқлари ҳамкорлиги (IPHR) томонидан CIVICUS Monitor лойиҳаси учун тайёрланган ҳисоботда келтирилган.
Ҳужжатда Марказий Осиё республикасида жорий йилнинг март ойидан август ойига қадар инсон ҳуқуқлари ва фикр билдириш эркинлиги билан боғлиқ вазият акс эттирилган.
Экспертлар февраль ойида шов-шувли воқеа содир бўлганини таъкидлаган: мамлакат президенти Садир Жапаров ўзининг яқин сафдоши — Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиевни кутилмаганда лавозимидан озод қилди. Бундан ташқари, махсус хизматнинг собиқ раҳбари ва унинг яқинларига қарши ҳокимиятни эгаллаб олишга уриниш айблови билан жиноят иши қўзғатилди. Бироқ, якунда Ташиев пробация назорати кўринишидаги жазо билан қутулиб қолди.
IPHR экспертларининг таъкидлашича, МХДҚ раҳбари ҳукумат танқидчиларини таъқиб қилиш билан ажралиб тургани сабабли, унинг лавозимдан кетиши ҳокимиятнинг бошқача фикрда бўлганларга нисбатан ёндашуви ўзгаришига умид уйғотган. Бироқ, айрим ижобий ўзгаришларга қарамай, мухолифатга босим давом этган.
«Жапаров Қирғизистонда фикр билдириш эркинлигига риоя этилиш зарурлигини яна бир бор очиқчасига таъкидлаган бўлса-да, у ушбу ҳуқуқнинг тор талқинини ҳимоя қилди. Бундай талқинга кўра, ҳокимият тахминан ёлғон, туҳмат ёки бошқа усул билан йўл қўйиб бўлмайдиган ахборот тарқатилишининг олдини олиш учун кенг ваколатларга эга бўлади», — дейилади ҳисоботда. Шу сабабли мамлакатда журналистлар, блогерлар ва бошқа фаолларга нисбатан жиноий таъқиб давом этган.
Ҳисоботда бундай ҳолатларнинг бир нечта мисоли келтирилган. Хусусан, Temirov Live медиа лойиҳаси ходими Махабат Тажибек қизи ҳануз тергов остида қолаётгани қайд этилган. Март ойида Олий суд журналист аёлнинг қамоққа олинишини ноқонуний деб топган БМТ Ишчи гуруҳининг фикрини инобатга олган ҳолда, унинг ишини қайта кўриб чиқишга қарор қилган эди. Шундан сўнг аёл тилхат асосида озод қилинган, бироқ адвокатлар ишни тугатишга эриша олишмаган. Энди унинг тартибсизликларга даъват қилганликдаги айбловлар бўйича яна суд олдида ҳимояланишига тўғри келади.
Айни пайтда Олий суд зўравонлик йўли билан ҳокимиятни эгаллаб олишга даъватлар акс этган постлари учун судланган блогер Қаникей Аранованинг ишини қайта кўриб чиқишни рад этди. Сиёсий сабабларга кўра қўйилган айблов бўйича қамоқ жазосини ўтаб чиққан оқин Аскат Жетиген эса озодликка чиққач, маҳбусларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлинганини маълум қилди. Қамоқхона назоратчилари бундай ҳолатларни инкор этади, бироқ фаолнинг шикоятини ҳозирда Бош прокуратура кўриб чиқмоқда.
Ҳуқуқ ҳимоячилари ҳисобот даврида бир нечта оқлов ҳукми чиқарилгани, ҳокимият танқидчилари ҳам амнистияга тушганини таъкидлашмоқда. Бироқ шунга қарамай, бошқача фикр билдирувчилар ҳали ҳам ҳуқуқлари бузилиши хавфи остида қолмоқда. Масалан, гап ерларни чет эллик инвесторларга, асосан хитойлик инвесторларга узоқ муддатга беришга қарши чиққан фаоллар ҳақида бормоқда. Ҳукумат қарорини танқид қилганлар ушланган, сўроққа чақирилган ва қўрқитилган.
Бундан ташқари, Президент Администрацияси ахборот сиёсати хизмати раҳбари Дайирбек Орунбеков ижтимоий тармоқлар орқали «фейк» хабарлар тарқатиш ва республика ҳукуматининг ХХРдаги ҳамкорлари билан алоқаларини обрўсизлантирганлик учун жиноий таъқиб ва қамоқ жазоси билан таҳдид қилган. Бунда мулозим ўз постида журналистлар, юристлар ва мухолифат вакилларининг шахсий маълумотларидан фойдаланган. Кенг жамоатчилик норозилигидан сўнг амалдор постларида шахсий маълумотлар тўғрисидаги қонун бузилган-бузилмаганини текшириш бошланган. Бироқ, жиноий иш қўзғатилган-қўзғатилмагани ва бошқа чоралар кўрилган-кўрилмагани номаълум.
Ҳисоботда яна бир нечта ҳолат келтирилган. Жумладан, июнь ойида мухолифатдаги Социал-демократик партия етакчиси Темирлан Султонбеков ва унинг бир нечта тарафдори 2025 йилги парламент сайловлари даврида тартибсизликлар уюштириш ва ҳокимиятни эгаллаб олишга тайёргарлик кўрганлик иши бўйича суд олдида ҳозир бўлгани қайд этилган. Ҳуқуқ ҳимоячилари суд мажлислари ёпиқ тарзда ўтказилаётганидан хавотир билдириб, амалдаги ҳокимият рақибларини йўқотишга қаратилган, юқоридан назорат қилинадиган сиёсий мотивдаги суд жараёни бўлишидан хавфсирамоқда.
Шунингдек, май ойида Қирғизистон ҳуқуқ ҳимоячиси ва Human Rights Watch ташкилотининг собиқ тадқиқотчиси Стив Свердловга мамлакатга киришни сабабларини тушунтирмаган ҳолда тақиқлагани қайд этилган. IPHR фикрича, бундай қарор Марказий Осиё республикаси раҳбарияти хорижий фуқаролик жамияти вакилларининг фаолиятига тўсқинлик қилаётганидан далолат беради.



