Қозоғистон Тенгиздаги авария ва КҚК билан боғлиқ «муаммолар» туфайли 6 миллион тонна нефть қазиб олиш имкониятидан маҳрум бўлди

Тенгизда 2026 йил 18 январда содир бўлган ёнғин. Видеодан олинган скриншот

2026 йилда Қозоғистоннинг нефть қазиб олиш ҳажми Каспий қувурлар консорциуми (КҚК) билан боғлиқ муаммолар ва Тенгиз конидаги авария туфайли тахминан 6 миллион тоннага камайди. Бу ҳақда 13 октябрь куни брифингда Бош вазир ўринбосари — Миллий иқтисодиёт вазири Серик Жумангарин маълум қилди, деб хабар беради ТАСС.

«Йил бошида Тенгизда содир бўлган авария, КҚК билан боғлиқ муаммолар — биз тахминан 6 миллион тонна нефть йўқотдик. Қандай йўқотдик? Қазиб олмадик. Аниқроқ айтганда, у ер остида қолиб кетди, иқтисодий жараёнларда иштирок этмаяпти», — деб тушунтирди Жумангарин.

Бугун Қозоғистон Энергетика вазири ўринбосари Ерлан Акбаров ҳам 2026 йил январь — сентябрь ойларида мамлакатда 69,4 миллион тонна нефть қазиб олинганини маълум қилди. Бу 2025 йилнинг шу давридаги ҳажмнинг 91,7 фоизини ташкил этади.

Етишмай қолган ҳажмни қоплаш учун ҳукумат Қашаған ва Тенгиз конларидаги режали профилактик таъмирлаш ишларини бошқа муддатга кўчирган. Бундан ташқари, нефть қазиб олишни кўпайтириш чоралари бўйича йирик ер қаъридан фойдаланувчи компаниялар билан музокаралар олиб борилмоқда. 2026 йил якуни бўйича прогноз 96 миллион тонна нефтни ташкил этади. Таққослаш учун, 2025 йилда Қозоғистон 99,55 миллион тонна нефть қазиб олган.

Аввалроқ Қозоғистон Энергетика вазирлиги 2026 йил учун нефть қазиб олиш режалари Тенгиздаги ишлаб чиқаришдаги узилиш ва КҚК инфратузилмасига қилинган ҳужумларни ҳисобга олган ҳолда қайта кўриб чиқилганини маълум қилган эди.

Миллий иқтисодиёт вазири Тенгиздаги фақат битта аварияни тилга олган бўлса-да, жорий йилда у ерда учта жиддий ҳодиса юз берди. 18 январь куни кондаги ГТЭС-4 электр станциясининг трансформаторларида ёнғин содир бўлди. Бу нефть қазиб олишни қарийб бир ойга тўлиқ тўхтатиб қўйди. 11 март куни каустик нейтраллаш қурилмасида ёнғин чиқди, бироқ ўша пайтда ишлаб чиқаришни тўхтатмасликка эришилди. Ниҳоят, 26 май куни Тенгизда яна бир авария юз берди — «Тенгизшевройл» оператори конда ишлаб чиқариш жараёнида узилиш содир бўлганини маълум қилди.

Каспий қувурлар консорциуми (КҚК) Тенгиз ва Қозоғистоннинг яна иккита йирик кони — Қашаған ҳамда Қарачиғаноқдан қазиб олинган нефтни Новороссийск яқинидаги денгиз терминалига ташишни таъминлайди. 2026 йилда Қора денгиздаги консорциум инфратузилмаси, шунингдек, хомашё ташиётган танкерлар бир неча бор Украина дронлари ҳужумига учради. Бунинг оқибатида нефть юклаш вақтинча тўхтатилди ва Қозоғистон углеводородлар қазиб олиш ҳажмини камайтиришга мажбур бўлди.