«Толибон» ҳаракати ҳукумати Афғонистон бўйлаб FM-узаткичлар орқали Британия телерадиокорпорацияси (BBC) дастурларини узатишни тўхтатди. 13 октябрь куни бу ҳақда BBCнинг ўзи расмий баёнотида маълум қилди: корпорациянинг дарий, пушту ва инглиз тилларидаги радио дастурлари энди мамлакатдаги FM частоталарида эфирга узатилмайди.
«Афғонистон бўйлаб миллионлаб одамлар аниқ янгиликлар ва ахборот манбаи сифатида BBCга таянади. Биз вазиятни ҳал қилиш учун ҳукумат билан иш олиб бормоқдамиз», — дейилади баёнотда.
Афғонистонга радиоэшиттиришлар қисқа ва ўрта тўлқинларда, сунъий йўлдош орқали ҳамда интернетда давом этмоқда. BBC News сайти аниқлик киритишича, корпорациянинг FM орқали эшиттиришлари илгари ҳар ҳафта мамлакатдаги катта ёшли аҳолининг 20 фоиздан ортиғини қамраб олган. Ҳозирда BBC, жумладан, толиблар қизларнинг юқори синфларда ўқишини тақиқлаган шароитда улар учун таълим дастурларини ҳам тайёрлайди.
«Толибон» ҳукумати Ахборот ва маданият вазирлиги вакили Ҳубайб Ғуфрон Reuters агентлигига BBC фаолияти «такрорий қоидабузарликлар сабабли вақтинча» тўхтатилганини айтди. У айнан қандай қоидабузарликлар назарда тутилаётганига изоҳ бермаган. Афғонистоннинг «Ҳашт-е субҳ» газетаси ўз манбаларига таяниб, толиблар BBCни ўзларининг медиа сиёсатини бузишда айблаганини ёзади. Нашр маълумотларига кўра, корпорация эфирни тўхтатиш ҳақидаги буйруқни бу ҳақда оммага маълум бўлишидан тўрт кун олдин олган.
Эҳтимолий сабабни Afghanistan International телеканали маълум қилди. Унинг манбаларига кўра, ҳукумат аъзоларининг ғазабига BBCнинг Қобул қулаганининг йиллигига бағишланган ҳужжатли фильмида толибларнинг собиқ губернатори Абдуллоҳ Сархадий билан ўтказилган интервью сабаб бўлган. BBC мухбири Кавун Ҳамуш август ойида эълон қилган репортажда Сархадий дастлаб толиблар 2001 йилда портлатиб юборган Бомиёндаги Будда ҳайкаллари ҳақидаги саволларга жавоб беришдан қочган, аммо кейинчалик: «Мен уни ўз қўлларим билан вайрон қилдим», деб тан олган. «Биз қилган ва қилаётган барча ишлар Аллоҳнинг кўрсатмалари ва қонунларига мувофиқ… Биз бутларни сотмаймиз, балки уларни синдирамиз. Нега мен афсусланишим керак? Бу Аллоҳнинг иродаси эди», — деган у.
Сархадий 1990-йилларда Сархадий Бомиёнда толибларнинг ҳарбий қўмондони бўлган ва бир неча йил давомида АҚШнинг Гуантанамо қамоқхонасида сақланган. Ҳаракат ҳокимиятга қайтгач, у дастлаб Бомиён, кейин эса Жўзжон вилояти губернатори бўлган. Ҳужжатли фильм эълон қилинишидан бироз олдин у Қундуздаги ҳарбий корпус қўмондонининг ўринбосари этиб тайинланган. Afghanistan International таъкидлашича, у ҳайкалларни йўқ қилишдаги шахсий иштироки ҳақида биринчи марта очиқчасига гапирган.
BBCнинг Афғонистон хизмати 1981 йилдан бери фаолият юритади. 2022 йилда толиблар «Америка овози» ва «Озодлик» радиоси эшиттиришларини тақиқлаганидан сўнг BBC мамлакат ичида радиоэфирга эга бўлган ягона халқаро янгиликлар ташкилоти бўлиб қолган эди, деб ёзади The Desk. Толиблар Афғонистон оммавий ахборот воситаларини қаттиқ назорат қилади: эфирда мусиқа қўйиш тақиқланган, аёллар эса эркаклар билан бир кадрда кўриниши мумкин эмас. «Чегара билмас репортёрлар» ташкилоти маълумотларига кўра, репрессиялар ва цензура туфайли Афғонистон журналистлар мажбурий эмиграциясининг жаҳон миқёсидаги марказларидан бирига айланган.



